Qo`shko`pir tuman yo’llardan foydalanish unitar korxonasi USTAVI
Qo`shko`pir tuman yo’llardan foydalanish
unitar korxonasi
USTAVI
I. Умумий қоидалар
1. Қўшкўпир туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси
(кейинги ўринларда – “Корхона”) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–2776-сонли қарорига мувофиқ Автомобиль йўллари қўмитасининг 2017 йил 29 мартдаги 07 - сонли буйруғига асосан Хоразм вилояти ҳудудий бош бошқармаси таркибида Қўшкўпир туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси негизида ташкил этилган
Корхона “Қўшкўпир туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси”нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4545 – сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (кейинги ўринларда - “Муассис”) ташкилий тузилмасидаги Хоразм вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси (кейинги ўринларда - “Бош бошқарма”) таркибига киритилган.
2. Ушбу Низом Корхонанинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
3. Корхона давлат рўйхатидан қайта ўтказилгандан сўнг мазкур Низом асосида фаолиятини давом эттиради ва унинг фаолият муддати чекланмаган.
4. Корхона Уставига ўзгартиришлар Муассиснинг қарорига кўра киритилади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
5. Корхонанинг тўлиқ номи:
ўзбек тилида - Қўшкўпир туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси (қисқартмаси – Қўшкупир ТЙФУК);
рус тилида - Кушкупирское районное дорожно-эксплуатационное унитарное предприятие (қисқартмаси - Кушкупирское РДЭУП);
6. Корхонани сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. Корхона ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциялари ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Муассиснинг қарорлари, фармойишлари ва буйруқларига, Бош бошқарманинг буйруқларига, мазкур Уставга ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
8. Корхона ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширади ва бевосита Бош бошқармага бўйсунади.
9. Корхона автомобиль йўлларидан фойдаланишда Республика йўл хўжаликларининг асосий ва ҳал қилувчи, самарали фаолият кўрсатувчи қуйи хизмат бўғини - йўл бўлимларига эга. Шунингдек, Корхона таркибига ички хўжалик ҳисоби шароитида йўллардан фойдаланиш ва автожамлама, асфальт-бетон, темир-бетон маҳсулот ишлаб чиқарувчи цех ва бошқа ёрдамчи ишлаб чиқариш, шу жумладан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўлинмалари кириши мумкин.
10. Корхона Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ўз номи давлат тилида ёзилган бланкаларга, думалоқ муҳрга, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банкда ҳисоб рақамларига, шунингдек хорижий валюта ҳисоб рақамига эга бўлади.
11. Корхона қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
12. Корхона давлатнинг бошқа корхонаси муассиси бўлишга ҳақли эмас.
13. Корхонанинг юридик манзили: Хоразм вилояти , Қўшкупир тумани, Янгилик қишлоғи.
II. Корхонанинг мақсади ва асосий вазифалари
14. Корхонанинг асосий мақсади - бириктирилган автомобиль йўлларида йил давомида, кечаю кундуз, узлуксиз йўллардан фойдаланиш хизматини ташкил этиб, транспортда юк ташиш сарф - харажатларини доимий равишда камайтирган ҳолда йўлдан фойдаланувчиларнинг транспортда ташиш эҳтиёжларини қондириш ва автомобиль йўллари тармоғини соз ҳолда сақлашни таъминлаш, уни бутун чоралар билан ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳисобланади.
15. Қуйидагилар Корхонанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, ўзига бириктирилган автомобиль йўлларини сақлайдиган узлуксиз иш ҳафтаси шаклида доимий харакатдаги хизматни ташкил этиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини бутун узунлиги бўйича қатнов ҳолатида сақлаб туриш учун иш турларини тезкор ва сифатли бажариш;
йўл қурилиш ишларига янги, замонавий техника ва технологиялар қўллаш орқали рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш;
темир-бетон, асфальт-бетон, товар-бетон ва норуда маҳсулотларини, ҳамда метал қурилмалар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш;
автотранспорт, темир йўл транспорти ва бошқа транспорт воситалари хамда механизмлар билан хизматлар кўрсатиш;
автотранспорт ҳаракатини чеклаш ёки вақтинчалик тўхтатишга олиб келадиган фавқулодда ҳодисалар (табиий офатлар, авариялар ва бошқа) юз берган барча ҳолатларда зудлик билан чора-тадбирлар кўриш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида юз бериши мумкин бўлган табиий офатлар олдини олиш;
тумандаги автомобиль йўллари тармоғининг доимий ҳисобини олиб бориш, йўл тармоқлари, йўлнинг техник ҳолати, ҳаракат жадаллиги, ҳаракат хавфсизлиги бўйича ишончли ахборот банкини тузиш;
Корхонанинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти ҳақида тезкор ҳисобот ва статистик таҳлил юритиш;
туман автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг узоқ муддатли концепциялари лойиҳасини ишлаб чиқиш;
бириктирилган автомобиль йўллари тармоғи ҳолатини, йўл ишларининг сифати ва ишлаб-чиқариш технологиясига риоя қилишни доимий назорат этиш;
бириктирилган автомобиль йўллар тармоғини таъмирлаш ва сақлаш бўйича ишлаб-чиқариш режаларини тайёрлаш ва уни шартнома асосида бажарилишини ташкил этиш;
бириктирилган автомобиль йўллар тармоғини кўрикдан (саноқдан) ўтказиш тизимини яратиш ва йўл хизматларида кўрик нуқсонлари қайдномаси журналини олиб бориш;
йўлларни сақлаш ва таъмирлаш ишларини экология меъёрларини ва эстетика талабларини ҳисобга олган ҳолда бажариш;
автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш учун маблағлар сарфининг мунтазам таҳлилини олиб бориш;
ишлаб чиқаришга илғор тажриба, янги техника, технология ва самарали йўл-қурилиш материаллари, меҳнатни ташкил этиш ва бошқариш сохасидаги илғор тажрибаларни тадбиқ этиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиш, ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, етиштирилган маҳсулотларни корхона ходимлари ва бошқа фуқароларга сотиш;
бириктирилган автомобиль йўлларида ишончли ва тезкор алоқани йўлга қўйган ҳолда узлуксиз диспетчерлик тизими орқали йўллардаги ҳолат тўғрисида мунтазам маълумотларга эга бўлиш ва йўлдаги ҳар қандай ҳаракат хавфсизлигига алоқадор воқеа ва ҳодисалар хақида Муассисни ва Бош бошқармани ўз вақтида хабардор қилиш;
ишчи-ходимларнинг касб малакасини доимий ошириб борилишини таъминлаш;
пудрат шартномалари бўйича Бош бошқарма билан келишилган ҳолда бошқа корхоналар, муассасаларга иш бажариш;
балансидаги мавжуд асосий воситалар ва йўл техникалари ҳамда механизмлардан самарали фойдаланиш;
Корхона ишлаб чикариш имкониятларидан самарали фойдаланиш, мехнат жамоаларининг ижтимоий хаётини яхшилаш учун шароитлар яратиш.
16. Корхона фойда олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги доирасида бошқа фаолият турлари билан шуғулланади, жумладан: улгуржи, чакана савдо; халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларда хақ эвазига хизмат кўрсатиш;
Лицензия ёки махсус рухсат талаб қилинадиган фаолият турлари, ўрнатилган тартибда лицензия ёки махсус рухсат олингандан сўнг амалга оширилади.
III. Муассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
17. Муассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Корхона фаолиятининг мақсади, вазифалари, функциялари, предмети, турларини белгилаш;
Корхона Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш;
Корхона директорини тайинлаш, у билан меҳнат шартномасини тузиш ва тузилган меҳнат шартномасини белгиланган тартибда муддатидан олдин бекор қилиш;
Корхонани қайта ташкил этиш ва (ёки) тугатиш, номини ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш;
Корхона мулкига оид битишувларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;
Корхонанинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини белгиланган тартибда олиб қўйиш ва уларни тасарруф этиш;
Корхона соф фойдасини тасарруф этиш ва уни сарфлаш йўналишларини белгилаш;
Корхонага етказилган зарарларни ундириш тўғрисида Корхона директорига нисбатан даъво тақдим этиш;
Муассис томонидан Корхонага берилган мулк ҳисобидан фойдаланишдан тушган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш.
18. Муассис қуйидагиларга мажбур:
Корхона директорини тайинлаш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ директор билан меҳнат шартномасини тузиш;
Корхонага берилган мулкдан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилиш.
IV. Бош бошқарманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19. Бош бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Корхонанинг молиявий-хўжалик фаолиятининг чорак ва йил якунлари бўйича ҳисоботларини қабул қилиш, уларнинг хаққонийлигини текшириш, таҳлил қилиш ишларини амалга ошириш;
Корхонанинг молиявий хўжалик фаолиятини ўрнатилган тартибда тафтиш қилиш;
Корхонанинг молиявий-хўжалик фаолиятига алоқадор маълумот, ахборот ва ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилиш;
Корхона директорининг тавсияномасига асосан директор ўринбосари, бош муҳандис, бош ҳисобчи ва йўл бўлими бошлиқларини ўрнатилган тартибда лавозимга тайинлаш ва озод этиш;
Корхонага берилган мулкдан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилиш;
Корхонага етказилган зарарларни ундириш тўғрисида Корхона директорига нисбатан судларга даъво киритиш;
Корхонани йиллик бизнес режаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Корхонанинг барча масалалари бўйича унинг фаолиятини яхшилашга қаратилган фикр-мулоҳаза, таклиф ва аниқ чора-тадбирларни Муассисга кўриб чиқиш учун киритиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш.
20. Бош бошқарма қуйидагиларга мажбур:
Корхонани йиллик бизнес режаларини бажарилишини ташкил этиш, чорак ва йил якунлари бўйича Корхона директори ва маъсул ходимларининг ҳисоботларини тинглашга;
Корхонага берилган мулкдан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилишга;
мулкни Корхона фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этилган тақдирда, Бош бошқарма бошлиғи Корхона директори билан биргаликда жавобгар бўлишга;
Корхона томонидан молиявий-хўжалик фаолияти давомида амалдаги қонунчиликка қатъий равишда риоя қилинишини таъминлашга;
Корхона томонидан расмийлаштирилиши кўзда тутилган пудрат шартномаларини кўриб чиқиш, Корхонанинг имкониятларини, шартнома шартларини таҳлил қилиш, улар бўйича Корхонага тегишли (расмий равишда розилик ёки рад) хулосасини беришга;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига қатъий равишда риоя қилишга.
V. Корхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
21. Корхона қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Республика йўл хўжалиги фаолиятидаги барча масалалар бўйича тегишли давлат бошқарув идораларига таклифлар, фикр-мулоҳазалар киритиш;
ишлаб чиқаришнинг моддий-техник таъминоти масалаларини мустақил ҳал қилиш;
аниқ иш турларининг ижрочисини танлаш;
меҳнат унумдорлигини ошиши ва ишларнинг сифатини таъминлайдиган меҳнатга ҳақ тўлашнинг турли шаклларини қўллаш;
меҳнат жамоасининг ижтимоий ривожи масалаларини ҳал килиш;
белгиланган тартибда банклардан турли кредитлар олиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш.
22. Корхона директори Корхонанинг якка ижро этувчи органи ҳисобланади ва Корхона олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этади, Корхона номидан ишончномасиз фаолият кўрсатади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди. Корхона номидан битимлар тузади ва уларни белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлайди, ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини тузади, ўзгартиради ва бекор қилади, буйруқлар чиқаради, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради.
23. Корхона директори Корхонага юклатилган вазифа ва мажбуриятларга мувофиқ Корхона фаолияти ташкил этилиши учун шахсан жавоб беради.
24. Корхона бошқаруви ходимларининг штат бўйича сони ва уларнинг лавозим тариф разрядлари Корхона директори томонидан Муассис ва Бош бошқарма билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
25. Корхона директори Муассис ва Бош бошқарма олдида Корхона Уставида белгиланган тартибда Корхона фаолияти тўғрисида ҳисоб беради.
26. Корхона директори ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Корхона манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўловларнинг, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқлари ва муносабатларидан ҳамда уларга тенглаштирилган тўловлардан келиб чиқадиган барча талабларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжлар учун пул маблағларининг ўтказилмаганлиги, ўзининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли, шу жумладан Корхонага берилган мулк йўқолган тақдирда, Корхонага етказилган зарарлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
27. Корхона қуйидагиларга мажбур:
Корхонага берилган мулкдан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилиш;
пудрат шартномаларини Бош бошқарма билан келишилган ҳолда имзолаш;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига қатъий равишда риоя қилиш.
VI. Корхонанинг устав фонди
28. Корхонанинг устав фонди 3 325 338 000 (уч миллиард уч юз йигирма беш миллион уч ўттиз саккиз минг) сўм миқдоридаги асосий воситалардан ташкил топган ва тўлиқ шакллантирилган.
29. Корхонанинг устав фонди Муассиснинг қарорига мувофиқ кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин. Устав фондининг кўпайтирилганлиги ёки камайтирилганлиги Корхона Уставига бу ҳақда тегишли ўзгартириш киритилиб, ушбу ўзгартиришлар Муассис томонидан тасдиқланган ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради.
30. Корхонанинг устав фондини кўпайтириш Муассиснинг қўшимча улушлари ҳисобидан ёки Корхона соф фойдаси ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Корхона устав фондини Корхона соф фойдаси ҳисобидан кўпайтириш тўғрисида қарор Корхонанинг ушбу қарор қабул қилинадиган йилдан олдинги йилги бухгалтерия ҳисоботи маълумотларига асосан қабул килинади. Корхона устав фондини камайтириш Муассис қарорига асосан амалга оширилади.
31. Корхона мулки давлат мулки ҳисобланади, ҳамда:
Муассис томонидан Корхонага бириктирилган (берилган) мулк;
Корхонанинг ўз фаолиятидан олинган даромадлари;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбаалар ҳисобига шакллантирилади.
Корхона мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.
32. Корхона мулки бўлинмас мулк ҳисобланади.
33. Корхона мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолларда Корхонанинг директори томонидан фақат Муассис билан келишган ҳолда амалга оширилади:
асосий воситаларни балансдан чиқариш, сотиш, уларни ижарага ёки гаровга топшириш;
мулкни бошқа хўжалик жамияти устав фондига улуш сифатида қўшиш;
хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш;
хўжалик жамиятларидаги Корхонага тегишли акциялар (улушлар)ни сотиш;
мулкни Корхона фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш.
VII. Корхонанинг фойдаси
34. Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин Корхона ҳисобида қоладиган соф фойда унинг ихтиёрида қолади.
35. Корхона соф фойдасини тасарруф этиш Муассис билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
36. Корхона ўз ихтиёрида қоладиган соф фойда ҳисобига Муассиснинг розилиги билан заҳира фонди ва бошқа фондларни ташкил этиши мумкин.
37. Муассис билан келишилган ҳолда Корхонада ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш ҳамда ижтимоий мақсадларда фондлар ташкил этилиши мумкин.
38. Корхона Муассиснинг марказлашган жамғармасига мазкур Уставнинг
35-бандида белгиланган соф фойдаси ҳисобидан ўрнатилган тўловларни жамланган ҳолда тўланишини ташкил этиш мақсадида Бош бошқарма орқали амалга ошириши мумкин.
VIII. Корхонанинг жавобгарлиги
39. Корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Корхона Муассис ва Бош бошқарманинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Муассис ва Бош бошқарма Корхонанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
IX. Корхона фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш
40. Корхонани Бош бошқарма тавсияномасига асосан Муассис томонидан тайинланган директор бошқаради. Корхонанинг директор ўринбосари, бош муҳандиси, бош ҳисобчиси ва йўл бўлими бошлиқлари Корхона директорининг тавсияномасига асосан Бош бошқарма томонидан тайинланади.
41. Корхона ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.
42. Корхона ҳисобот даври (чораклик, йиллик) якуни бўйича Муассисга жамланган ҳолда топшириш учун Бош бошқармага ўрнатилган тартибда баланс ҳисоботларини (молия, бухгалтерия, статистик ва бошқа ҳисоботлар) топширади.
43. Корхона фаолиятини хўжалик юритувчи орган сифатида назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис, Бош бошқарма ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
X. Корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш
44. Корхона Муассис қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёҳуд суд қарорига биноан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
XI. Якуний қоидалар
45. Ушбу Уставда тартибга солинмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
46. Ушбу Устав қонунга мувофиқ рўйҳатдан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради.











